ИШИД террорчи гуруҳи бугунги кунда Ироқ ҳудудининг 10 фоиздан камроғини назорат қилади, аввал эса мамлакатнинг 40 фоизи унинг назоратида бўлган. Бу ҳақида араб давлати мудофаа вазири Ҳолид Ал-Обидийнинг сўзларига асосланиб, РИА "Новости" маълум қилди

"Бугунги кунда ИШИД Ироқнинг 10 фоиздан камроқ ҳудудини назорат қилмоқда, илгари эса мамлакатнинг 40 фоизи ушбу террорчи гуруҳ назоратида бўлган", - деб ёзган Ал-Обидий ўзининг Twitter'даги саҳифасида. У Вашингтонда бўлиб ўтаётган ИШИД билан курашишга бағишланган анжуманда иштирок этмоқда. 

Ўтган йилнинг охирида ИШИД жангарилари йирик Ар-Рамадий шаҳрини қўлдан бой беришди. 2016 йилнинг июнь ойи охирида Ироқ армияси ИШИД жангариларининг таянч пункти бўлган Ал-Фаллужани қўлга киритишди. Ҳозирда Ироқ қуролли кучлари Ироқнинг шимолидаги энг йирик Мосул шаҳрини қўлга олишга тайёрланишмоқда.