Сурияда Россия ҳарбий гуруҳининг янги қўмондони этиб Жанубий ҳарбий округ қўмондони биринчи ўринбосари генерал-лейтенант Александр Журавлёв тайинланди. Бу ҳақда  "Коммерсантъ" нашрига маълум бўлди.

Бош штабдаги манба ўтган йил сентябридан Суриядаги қўшинлар гуруҳи штабини бошқараётган Журавлёвнинг номзоди олий раҳбарият томонидан маъқулланганини маълум қилди. Ҳарбий манбалар маълумотларига кўра, Журавлёв Россия президенти Владимир Путиннинг ёпиқ фармони билан Россия Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. 

Таъкидланишича, қўмондонлик Журавлёвга Суриядаги вазиятнинг беқарорлашуви ортида ўтган: Башар Асад ҳукумат қўшинлари анча заифлашиб қолганлар ва ўз позицияларини қийинчилик билан ушлаб турмоқдалар, ИШИД жангарилари эса Пальмира яқинида фаол ҳужумга ўтмоқда. 

Манбаларнинг маълум қилишича, Пальмирани ушлаб туриш вазифаси энг муҳим вазифалардан ҳисобланади ва унинг жангарилар томонидан босиб олинишига йўл қўйиб бўлмайди. Қадимий Пальмира баҳорда россиялик ҳарбийлар кўмагида озод этилганди. 

Аввалроқ Россиянинг узоқ масофаларга учувчи Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари Суриядаги позицияларга охирги 10 кун ичида 3 та зарба бергани маълум қилинганди.