Ислом дини тарихига қарайдиган бўлсак ҳам, фақат ва фақат эзгуликни кўрамиз. Ислом фатҳлари пайтида насронийлар ва яҳудийларни бирорта ҳам ибодатхоналари бузилмаган, диндорларнинг эътиқодига ва мол-мулкига дахл қилинмаган, руҳонийларга зулм қилинмаган.

Ўша даврларда никоҳланишга қўли калталарни сарф-харажатини зиммасига олиб, никоҳ маросимини ўтказадиган ташкилотлар бўлган. Шифохоналарда беморлар бепул даволанишган, муолажа тугагач, уларга янги кийим-бошлар берилган. Шу даврда Қоҳирадаги фотимий халифа кутубхонасида 2 миллион жилд китоб сақлангани ҳам ислом эзгулик, маърифат дини эканини кўрсатади.

Дин азалдан инсоннинг Тангри билан алоқа қилишга эхтиёжидир. Ислом дини эзгулик манбаидир. У соф инсоний фазилатлар, гўзал ахлоқ одоб, маънавий комиллик каби фазилатларга даъват этади.

Ҳозирги кунда жаҳонда баъзи ғаламислар томонидан ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилаётгани, террорчилик каби иллатларни айни пайтда бевосита исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас, ваҳоланки муқаддас динимиз ҳар қандай ёвузликни инкор этади. 

Бу борада Президентимиз И. А. Каримовнинг ушбу сўзларини эслашимиз жоиз: “Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, бу биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканлигини унутмайлик у қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас.”

Умуман ислом таълимотидан беш бош мақсад кўзда тутилади. 1 .Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш. 2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш. 3. Инсон динини муҳофаза қилиш. 4. Инсон наслини муҳофаза қилиш. 5.Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш.

Расулуллоҳ (с.а. в.) ҳадиси шарифда шундай деганлар: «Мўминлар худди бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзода оғриқ бўлса, бу оғриқ бошқа аъзоларда иситма ва оғриқни пайдо қилади».

Қарангки, бир мусулмоннинг дардини ўз дардимиздек қабул қила олсак, биз Расулуллоҳ айтган мўъмин бўла олар эканмиз. Аллоҳ Қуръони каримнинг Моида сураси 2 оятида: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманчилик йўлида ҳамкорлик қилманг» деган.

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга Қуръон буюрмоқда. Яхшилик сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни, тақво эса, Аллоҳдан қўрқиш ва унга эътиқод қилишни англатади. Анъом сураси 160-оятда Аллоҳ эзгуликка буюриб, шундай марҳамат қилган: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур».

Демак, биз қилган ҳар бир яхшилигимиз учун ўн баробар кўп ажру-савоблар, яхшиликлар олар эканмиз.

Бу мавзуга далолат қиладиган бир қанча ҳадисларни келтиришимиз мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ўзинга яхши кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўр», деб бир ҳадисларида марҳамат қилган бўлса, бошқа бир ҳадисларида «Инсонларнинг яхшироғи — бошқаларга манфаатлироғидир», деганлар. Яна бир ҳадисларида «Қилинган ҳар бир яхшилик садақадир», деб яхшиликнинг аҳамиятини билдирганлар.

Ислом ёвузлик, қотиллик, босқинчилик, жоҳиллик каби разил иллатларни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ Қуръони Карим Моида сураси 32-оятида шундай билдирган: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади». Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатни ҳидини ҳам ҳидлай олмайди» деганлар.

Умуман олганда ислом террорни қоралайди яхшиликка даъват қилади. Аллоҳ ўзи кечиримли зот бўлганидан, бандаларини ҳам афв, ғазабдан тийилиш, ёмонликни яхшилик билан даф қилиш, жаҳолатдан маърифатни устун қўйиш каби эзгу фазилатларга буюради. Аъроф сураси 199-оятда шундай зикр қилинади: «Авфни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан юз ўгиринг». «Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларига сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли кўтаришини айтайми? дедилар: «Ҳа, айтинг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв этсанг, сени маҳрум қилганга инъом этсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг», деб марҳамат қилганлар.

Мана ислом дини нималарга буюради. Аммо, ҳозирги кунда исломни ўзларига ниқоб қилиб олиб турли ёвузликларни, қонхўрликларни амалга ошираётганларни биз нафақат мусулмон балки умуман инсон дейишга тилимиз бормайди. Чунки улар, ислом дини номидан иш кўраётган жоҳил, галамис кимсалардир. Ҳақиқатда жоҳиллик ёмон иллат бўлиб, жоҳил инсонлар барча ёмонликларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб кетаверадилар. Жаҳолат инсон ҳаётини барбод қилади, охиратини куйдиради, аксинча, маърифат инсон қалбига сайқал беради, маънавий, руҳий дунёсипи гўзаллаштиради, инсонга шон-шуҳрат келтиради, улуғлайди. Маърифат сўзи «билим», «Аллоҳни таниш» каби хислатларни ўзига жамлайди. Бунга зид равишда илмни диний ва дунёвий турларга тақсимлаб, айрича қараш инсон маънавиятининг емирилишига олиб келади.

Бу фикр исботи учун узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар кўп. Абу Али Ибн Сино, Беруний,ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Насафий каби улуғ аждодларимиз гарчи собиқ тузум уларнинг диний илм соҳиблари бўлганини яширган бўлсада, улар энг аввало ислом дунёсининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгаларидирлар. Қуш ҳам ёлғиз қаноти билан парвоз қила олмагани каби, инсон ҳам бир ёқламалик билан комил ва тўлиқ бўла олмайди. Шу жиҳатдан ҳурматли Президентимизнинг: «Биз дин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз» деган гаплари биз учун дастуриламал бўлмоги лозим. Ана шунда биз ҳар томонлама, тўла мукаммал инсон, боболарга муносиб фарзанд бўла олган бўламиз. Умуман олганда биз исломни эзгулик дини эканини яхши англаб ва билиб олишимиз зарур ва маънавий-маърифий тарбияда ислом динидан кенг фойдаланишимиз керак.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”
жомеъ масжиди имом хатиби

Манба: mehrob.uz