«Манчестер Юнайтед» жамоасининг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо Хитойдаги йиғин давомида клуб мухлислари билан учрашди. «Челси» жамоасининг собиқ мураббийи бу учрашув вақтида лондонликлар жамоаси футболкасига дастхат қўйишдан бош тортган.

Португалиялик мутахассис дастхат қўйиш учун «МЮ» либослари ва атрибуткаларини тақдим этган мухлисларга мамнуният билан имзо тарқатган, аммо «Челси» клуби либосини тутган мухлисни кўргач, унинг юз ифодаси кескин ўзгарган ва бошини чайқаб, бу футболкага имзо қўймаслигини билдирган.

Бу ҳолат тасвирланган видео интернетга жойлаштирилган.

Бугун манчестерликлар жамоаси Дортмунднинг «Боруссия» жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Маълумот учун, Жозе Моуриньо 2004–2007 ҳамда 2013–2015 йиллар давомида «Челси» бош мураббийи бўлган. Унинг мураббийлиги вақтида «Челси» 3 марта Англия чемпионлиги, бир мартадан Англия Кубоги ва Суперкубоги ҳамда 3 марта Англия Лига Кубогини қўлга киритган.

Унинг «МЮ» билан шартномаси 3 йил муддатга тузилган.