Франция ҳукумати ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган Ницца терактига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган 5 кишига нисбатан айблов эълон қилди. Бу ҳақда «Би-би-си» хабар тарқатди.

Бу ўринда гап террорчига алоқаси бўлган 4 эркак ва 1 аёл ҳақида бормоқда. 3 киши террористик мақсадда гуруҳ ташкил қилганликда, яна 2 киши қурол айланмаси ва терроризмга қарши қонунчиликни бузганликда айбланмоқда.

Моленснинг аниқлик киритишича, уч нафар гумонланувчи — А.Рамзи, С.Шукри ва Ж.Муҳаммад Валид номли эркаклар Тунис фуқароларидир. Террорчи Муҳаммад Бухлел ҳам тунислик эди. Уларга нисбатан «террорчилик мотиви бўйича олдиндан тил бириктириш орқали қотилликларга бош қўшиш» моддаси бўйича айблов эълон қилинди.

Ҳибсга олинган албаниялик жуфтлик  Х.Артан ва З.Энкележа Ниццадаги террорчини қурол билан таъминлашда гумон қилинмоқда. А.Рамзи ва албаниялик жуфтлик ноқонуний қурол айланмасида айбланмоқда.

Бундан олдинроқ, прокурор Франсуа Молин бу гуруҳ терактга бир неча ой давомида тайёргарлик кўргани ҳақида маълум қилганди.

Маълумотларга кўра, ушбу теракт юзасидан дастлаб 7 киши қўлга олинган, террорчининг турмуш ўртоғи полиция томонидан қўйиб юборилган, яна бир киши тергов доирасида озод қилинган. 

14 июль куни юк машинаси ҳайдовчиси Ниццадаги майдонга мушакбозликни томоша қилишга тўпланган оломон устига бостириб келган. Бу ҳужум оқибатида 84 киши ҳалок бўлган. Терактни келиб чиқишига кўра тунислик бўлган, Ниццада яшовчи 31 ёшли Муҳаммад Буҳлел амалга оширгани маълум бўлган. Мазкур теракт учун жавобгарликни ИШИД террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.