Olamsport.com сайти ўзбекистонлик спортчилар Рио—2016 Олимпиадасида қўлга киритадиган медаллари учун қанча миқдордаги мукофот пули олиши маълум қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда ёзилишича, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлигидаги ёзги олимпия ўйинларида олтин медалга эга чиққан ўзбекистонлик спортчи 200 минг АҚШ долларини қўлга киритади.

Кумуш медаль учун 100 000 доллар ваъда қилинган, мусобақаларда кучли учталикка кириб, бронза медалини қўлга киритган спортчига эса 75 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот берилади.

XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари 5 август куни старт олиб, 21 августга қадар давом этади. Унда Ўзбекистон шарафини 70 нафар спортчи ҳимоя қилади.

Паралимпия ўйинлари эса 7−18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ўйинларда Ўзбекистон номидан 52 спортчи иштирок этади.

Бундан олдинроқ, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Миллий Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмонов иштирокида Тошкентда олимпиячи ва паралимпиячиларни кузатиш маросими ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.