АҚШ президентлигига Демократик партиядан собиқ номзод, сенатор Берни Сандерснинг фикрича, Яқин Шарқдаги ҳозирги беқарорликка президент кичик Жорж Буш маъмуриятининг 2003 йилдаги Ироққа бостириб киргани сабабдир. 

"Трамп ҳақ эмас. Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асосий сабаби Буш — Чейни маъмуриятининг Ироққа бостириб киришидир. Ҳа айтганча, Бушнинг ўзи кўринмайди?", — деб ёзган Сандерс ўз Twitter саҳифасида.

Сандерс, АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампнинг партия съездидаги маърузасини шундай изоҳлаган. Трамп, Яқин Шарқдаги беқарорлик учун масъулиятни ҳозирги президент Барак Обама маъмурияти ва собиқ давлат котибаси Ҳиллари Клинтон зиммасига юклаган эди. 

Клинтон хоним келаси ҳафта бўлиб ўтажак Демократик партия съездида АҚШ президентлиги учун расмий номзод сифатида илгари сурилади. У, давлат раҳбарлиги учун курашда Трампнинг асосий рақиби бўлади. 

Собиқ президент кичик Жорж Буш Трампни қўллаб-қувватлашдан бош тортгани учун Республикачилар съездида қатнашмаяпти.