Тошкент шаҳар ҳокимлигида навбатдаги брифинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 июль куни қабул қилинган 237-сон қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг таклифига биноан савдо соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларни янада ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида икки босқичли “Савдо ва хавфсизлик” кўрик-танлови ўтказилиши ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ахборот хизмати хабар бермоқда.

Кўрик-танлов туманлар ҳамда шаҳар босқичларидан иборат бўлиб, ҳар йили ташкил қилинади. Ундан кўзланган мақсад: 
- савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ҳамда жамоат хавфсизлигини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш;

-  соҳада аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий технологияларни татбиқ этишни рағбатлантириш, давлат стандартлари, гигиена, санитария, ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатлар,   қоида ва талаблар, шохобчаларга ёндош ҳудудларнинг ободонлаштирилиши каби талабларнинг бажарилишини қўллаб-қувватлаш.  

Кўрик танловда савдо(бозорлар, гипермаркетлар, супермаркетлар, минимаркетлар, киосклар ва б.) ҳамда умумий овқатланиш(ресторанлар, барлар, кафелар, чойхоналар ва б.) соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этадилар.  
Мазкур қарор билан кўрик-танловни ўтказиш бўйича низом, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда иш ташкил қилиш тамойиллари, “Савдо ва хавфсизлик” кўрик-танловини тайёрлаш, ўтказиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш бўйича махсус комиссия таркиби, кўрик-танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ ҳаражатлар ва уларнинг манбалари ҳамда миқдорлари тасдиқланган. 
Қарорга кўра, бир ҳафта муддатда  ушбу танловнинг ўтказилиши билан боғлиқ тадбирларнинг босқичма-босқич ташкилий режаси тасдиқланади.  

Танлов очиқ бўлиб, унда барча тадбиркорлик субъектлари иштирок этишлари мумкин. У қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
-  “Энг яхши йирик савдо объекти” (умумий савдо майдони 1500 квадрат метрдан ортиқ);
-  “Энг яхши ўрта савдо объекти” (умумий савдо майдони 50 квадрат метрдан 1500 квадрат метргача);
-  “Энг яхши савдо объекти”(умумий савдо майдони 50 квадрат метргача);
-  “Энг яхши ресторан” (ресторан, вагон-ресторан, бар типларида хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари);
-  “Энг яхши кафе” (кафе, ёзги кафе, кафетерий типларида хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари);  
-  “Энг яхши чойхона” (ошхона, чойхона, буфет ва закусочная типларида хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари) 

Кўрик-танловда иштирок этишни истаган тадбиркор  танлов низомида белгиланган ариза билан туман комиссиясига мурожаат қилиши лозим. 
Аризаларни қабул қилиш муддатлари, комиссияларнинг ишни ташкил қилиш тартиблари, кўрик-танловнинг туман босқичларини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш бўйича махсус комиссияларнинг намунавий таркиби, унда қатнашиш бўйича ариза намунаси, кўрик-танловни ўтказиш режа-жадвали, ғолибларни тақдирлаш бўйича маблағлар миқдорлари тасдиқланган. Ғолиблар дипломлар ва пул мукофотлари билан тақдирланадилар.