Туркияда бундан кейин ўн бешинчи июль санаси давлат тўнтаришига уриниш вақтида шаҳид бўлганларни хотирлаш куни сифатида ўтказилади. Бу ҳақида мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан эълон қилинди.

"Келгуси авлод демократия номидан кураш олиб бориб ҳалок бўлган фуқароларни, полициячиларни, ҳарбийларни ва барча қаҳрамонларни унутмайди. 15 июль ҳар йили "Шаҳидлар хотираси куни" сифатида ўтказилади. Ўз халқимга мурожаат қила туриб, халқнинг бу кундаги исённи бостиришда кўрсатган иродаси ва мардлигини эътироф этмоқчиман ва улардан Туркия бу оғир вазиятдан чиқиб кетиш учун демократияни қўриқлашда давом этишни сўрайман", — деган Эрдўған Анқарада ўтказилган матбуот анжумани вақтида.

Ўтган жума куни кечқурун Туркияда ҳарбий тўнтариш юз бергани маълум қилинди. Ҳарбийлар Анқара ва Истанбулга танклар билан кирди.

Президент халқдан исёнчиларга қарши курашда ёрдам сўради. 

16 июль куни тонгида халқ қаршилигига учраган ҳарбийлар таслим бўлишди ва исён бостирилди. Туркия ҳукумати ҳарбий тўнтаришга уриниш муваффақиятсиз якунлангани ҳақида маълум қилди.

Эрдўған бу исён ташкилотчилигида мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленни айблади.

Туркияда шундан сўнг давлат органларида ялпи тозалаш ишлари бошланди.

Айни вақтда мамлакатда исёнга алоқадорларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда. Шу вақтгача 10 мингга яқин киши қўлга олинди. Давлат органларида олиб борилаётган ялпи тозалаш ишлари доирасида 70 мингга яқин хизматчи лавозимидан четлатилди.

15 июль оқшомидаги воқелар давомидаги тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 400 нафарга яқинлашган.