Туркиядаги исёнда иштирок этган ҳарбийлардан бири, полковник Муаммар А ўзини ҳибсга олиш учун келган полициячилардан қочиб, кийим солинадиган шкафга яширинишга ҳаракат қилди. Anadolu хабарига кўра у ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўз қариндошларидан бирининг уйида қўлга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, полковник Босфор бўғози устидан ўтган кўприкни эгаллаб олган ҳарбийларга бошчилик қилганди. У исён вақтида  бошқа ҳарбийлар билан WhatsApp орқали алоқада бўлиб тургани аниқланган.

"Кулелида (Истанбулдаги ҳарбий академия) жанг кетмоқда...", "Кўприк устига ҳаводан яна бир зарба беришнинг имкони борми?..", "Ченгелкей туманида қаршилик кўрсатган 4 киши отиб ташланди, ҳеч қандай муаммо йўқ", "Яқинлашишга рухсат берилмасин. Яқинлашганларга қарата ўт очинг", каби хабарлар аниқланган ёзишмаларида.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш юз берди. Ҳарбийлар Анқара ва Истанбулга танклар билан кириб ҳукуматни қўлга олганини эълон қилди.

Президент халқдан исёнчиларга қарши курашда ёрдам сўради. Тонгга қадар исён бостирилди. Эрдўған бу исён ташкилотчилигида мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленни айблаган.

Тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 190дан ортиқ, исёнчилардан 108 киши ҳалок бўлган, 1,5 минга яқин киши жароҳатланган.

Айни вақтда мамлакатда исёнга алоқадорларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда. Шу вақтгача 10 мингга яқин киши қўлга олинди. Давлат органларида олиб борилаётган ялпи тозалаш ишлари доирасида 70 мингга яқин хизматчи лавозимидан четлатилди.