2008 ва 2012 йиллардаги Пекин ва Лондон ёзги Олимпиадаларда иштирок этган спортчиларнинг допинг-намуналарини қайта текширишнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра, тақиқланган моддаларнинг қўлланиши бўйича 45 та янги ҳолат аниқланди. Бу ҳақда 22 июлда ХОҚ сайтида маълум қилинди.   

Иккинчи босқич тадқиқотлари Пекин Олимпиадасида 8 та турли спорт турида иштирок этган, 8 давлатдан 30 нафар атлет ва Лондон Олимпиадасида 2 спорт турида иштирок этган, 9 давлатдан 15 иштирокчига тааллуқли бўлган. 

ХОҚ қандайдир исмлар, спорт турлари ва мамлакатлар номини келтирмаган, бироқ Пекиндаги Олимпиада аксилдопинг қоидаларини бузган 30 спортчининг 23 нафари ўйинлар совриндорлари ҳисобланишини маълум қилган. Қоидаларни бузган барча атлетлар 2016 йилги Олимпиададан четлатилади. 

Икки босқичли текширув давомида ҳаммаси бўлиб 98 та ижобий допинг-синов аниқланган. 3- ва 4-босқич текширувларни Бразилиядаги Олимпиададан кейин ўтказиш белгиланган. 

24 июлда ХОҚ Россия терма жамоасининг Риодаги ўйинларда иштироки масаласи бўйича якуний қарор чиқаради. ХОҚ матбуот хизматида ташкилот қарор чиқаришда 21 июлда россиялик енгил атлетикачиларга 2016 йилги Олимпиадага боришни тақиқлаган Спорт ҳакамлик суди қарорини инобатга олиши таъкидлаб ўтилди.