Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Мюнхендаги отишмадан кейин полициянинг шаҳарда жиноятчиларни қўлга олиш бўйича ўтказилаётган операция давомидаги видео ва фотоматериалларни чоп этмаслик илтимосига кўра, отишма ҳақидаги хабарларга кучук ва мушуклар суратларини илова қилмоқдалар.
 
Аввалроқ полиция фойдаланувчилардан жиноятчиларни қидириш бўйича операция ўтказилаётгани акс этган видео ва фотосуратларни интернетда чоп этмасликни илтимос қилганди. Полиция фикрича, бу жиноятчиларга қочиб кетишга ёрдам бериши мумкин эди.    

"Илтимос, полициячиларнинг отишма жойидаги ҳаракатларидан ҳеч қандай видео/фото чоп этманг. Жиноятчиларни қўллаб-қувватламанг", дейилди Мюнхен полицияси твиттерида.    

Шундан кейин фойдаланувчилар ўз хабарларига кучук ва мушуклар суратларини илова қила бошладилар.

"Мушуклар адоватга қарши! Полиция операцияси фотосуратларини жойлаштирманг, бу жиноятчиларга ёрдам бериши мумкин", деб маълум қилди фойдаланувчилардан бири твиттерда. 

"Суратда полициячилар иш вақтида эмас, балки мушуклар", деб таъкидлаб ўтди яна бир фойдаланувчи.  

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари отишма қурбонлари яқинларига ҳамдардлик билдириш учун #prayformunich хештегидан фойдаланмоқдалар. 

Охирги маълумотларга кўра, жиноятни 18 ёшли, эрон миллатига мансуб ўсмир содир этган. Унинг жасади отишма жойидан бир километрча узоқликда топилган. Полициянинг таъкидлашича, у бир ўзи ҳаракат қилган. Ўсмир жиноятни содир этгач, ўз жонига қасд қилгани эҳтимол қилинмоқда.