Португалия терма жамоасининг ҳужумчиси ва сардори Криштиану Роналду шарафига Мадейра аэропорти унинг номи билан аталадиган бўлди.  

Publico нашрининг маълум қилишича, бу ҳақда Мадейра ҳудудий ҳукуматининг раиси Мигель Альбукерке маълум қилди. Аэропортнинг қайта номланишини оролнинг ҳудудий кенгаши аъзолари қўллаб-қувватладилар. Энди аэропорт "Криштиану Роналду номидаги Мадейра аэропорти" деб номланади.      

«Роналдуга билдирилган миллий миннатдорчилик абадий бўлмаслиги мумкин, бироқ Мадейрада абадий бўлади", деб айтди Альбукерке.

Роналду Европа чемпионатида жамоаси билан зафар қучгандан кейин ўзи туғилган ва 12 йил яшаган оролга ўз бренди остида Pestana CR7 меҳмонхонасини очгани келган эди. Худди шу русумдаги яна учта меҳмонхона Лиссабон, Мадрид ва Нью-Йоркда очилади.

"Португалияга ишонч ва инвестиция учун раҳмат. Дунёга Португалияни кўрсатганинг учун раҳмат", деб миннтдорчилик билдирди футболчига сайёҳлик бўйича давлат котиби Ана Мендес Годинью.