Саудия Арабистони, Россияга Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватламаслик шарти билан, Форс кўрфази мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш эшикларини очиш ва йирик миқдордаги сармояларни таклиф этиши мумкин. Бу ҳақда, подшоҳлик ташқи ишлар вазири Одил ал Жубайр Брюсселнинг Politico нашрига берган интервьюсида сўз юритган.

Унинг сўзларига кўра, Ар-Риёд Россияга Форс кўрфази араб мамлакатлари кенгаши бозорини ва Хитой сармоя салоҳиятидан ҳам кўп бўлган инвестициялар учун имкониятлар эшигини очишга тайёр. 

«Биз Россияга Яқин шарқда ҳисса ажратишга тайёрмиз. Бу Россияни минтақада Совет Иттифоқидан ҳам қудратлироқ қилади», - дея вазир сўзларини келтиради Poitico. Унинг фикрича, расмий Москва ва Ар-Риёднинг Сурия масаласидаги қараши «нафақат можаро якуни борасида, балки уни ҳал этиш воситалари хусусида ҳам турличадир». 

«Асаднинг куни битган, шундай экан, кеч бўлмасидан аввал битимга келинг», - деган Саудия ТИВ. 

“Саудия Арабистони подшоҳлиги Россиянинг ёнбериши эвазига нимадир тақдим этиши ҳақидаги гаплар ўн йиллардан бери давом этиб келгани боис, бунга жиддий қараш керак эмас”, - дейди Стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази эксперти Константин Макиенко. 

Унинг сўзларига кўра, 2000-йиллар ўрталарида Саудия подшоҳлиги, Эронга С-300 зенит-ракета мажмуаларини етказиб беришни рад этса, Россияга катта миқдорда ҳарбий буюртма ваъда қилган эди. 2010 йили С-300 шартномаси Москва томонидан бекор қилинди, шундан сўнг, Саудия Арабистони билан битим тўғрисидаги ваъдалар ҳам унутилди.