Сурия осмонида Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини уриб туширганлар Туркиядаги давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишган. 

Бу ҳақда, Туркия бош вазири ўринбосари Меҳмет Шимшек G20 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг саммити доирасида ТАССга берган интервьюсида маълум қилган.

"Россия жамоатчилиги, Су-24 самолётини уриб туширган учувчилар кейинчалик давлат тўнтаришига уринишда ҳам иштирок этганларини билишини истардим. Шунга кўра, айтиш мумкинки, биз қандайдир яширин тил бириктиришга дуч келдик", - деган Шимшек. 

Унинг қайд этишича, самолётни уриб тушириш  "сиёсий мазмунга эга бўлмаган". Шимшек икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда хавотирлар кўзга ташланмаслигига умид билдирди. У, шунингдек, Туркия ҳукумати Россия билан дўстона алоқаларни яхшилаш ниятида эканини таъкидлаган. 

“Туркия ва Россия алоқаларининг яхшиланиши икки мамлакат иқтисодиётлари учун ҳам бирдек фойдали бўлади”, - деган Туркия бош вазири ўринбосари.