Қорақалпоғистон республикаси Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида «Сайғоқчи» махсус ёввойи табиат қўриқхонаси ташкил этилади, деб хабар қилмоқда Газета.уз сайти Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизматига асосланган ҳолда. 

Мажмуанинг ташкил этилиши Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 22-июлдаги «Қўриқхона мажмуалари фаолиятини ташкил этиш ва уларни барпо этиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган. 

Ушбу қарорга мувофиқ, янги ташкил этиладиган қўриқхона мажмуасига сайғоқлар ва бошқа нодир ҳамда камёб жониворларнинг ўсиши, яшаши ва кўпайиши учун табиий мақбул шароитларга эга деб топилган 628,3 минг гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун берилади.
 
Бундан ташқари, ҳудуддаги хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 219,8 минг гектар ер майдони қўриқланувчи ҳудуд сифатида белгиланган. Мазкур ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулклар, ер участкалари ўз эгалари ихтиёрида қолади. 

Қўмитада таъкидланганидек, махсус мажмуанинг барпо этилиши билан сайғоқлар  ва бошқа турдаги ноёб ҳамда йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар сонининг кўпайишига имконият яратилади.