2006 йил. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Мираки қўрғончасида истиқомат қилувчи Сарвар ўша куни қўрғончадаги мактабга бориб, жисмоний машқ қилган бўлади ва у ердан чиқиб дўконга киради. Бир шиша ароқни бўшатган Сарвар маст ҳолатда маҳаллада тарвуз сотаётганларнинг ёнига яқинлашади. У ерда беш-олти йигит гаплашиб ўтирган эди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Бу пайтда унинг маҳалладоши, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашиб, соғлиғидан айрилган, 2-гуруҳ ногирони Раззоқ Мерганов қўйларини боқиб қайтаётган эди. Кайфи тароқ Сарвар уни кўриб, ёнига чақиради. Боласи тенги, буни устига ичган йигитга тенг келишликни ўзига раво кўрмаган Раззоқ Мерганов йўлида давом этади. Бундан ғазабланган Сарвар унга ташланади ва таёқ билан Раззоқ Мергановнинг бош-кўзига аралаш ураверади. Жабрдийданинг тинчиб қолганини кўрган йигит воқеа жойидан қочиб кетади. Олган жароҳатлари сабаб Раззоқ Мерганов жон таслим қилади.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан мазкур иш атрофлича кўриб чиқилиб, Шариповга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.