Мексиканинг Чьяпас штатидаги ҳиндулар истиқомат қиладиган Сан-Хуан-Чамула шаҳри мэри аҳоли вакиллари томонидан ўлдирилди. Тўқнашув вақтида жами 5 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда штат ҳукуматига асосланиб РИА Новости агентлиги хабар тарқатган.

Воқеа 23 июль куни тонгида содир бўлган. Терговда аниқланишича, шаҳар мэри Доминго Лопес Гонсалес йиғилган оломон қаршисида маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қуввалашдан бош тортиб, уларга иш беришдан бош тортган.

Шундан сўнг, йиғилганлардан бири мэрга ўқ узган. Кейин эса унинг жонсиз танаси майдонда топталган.

Мэрдан ташқари, шаҳар маъмуриятининг 2 амалдори ҳамда бир ҳайдовчи ўлдирилган. Шунингдек, аҳоли вакилларидан бири ҳалок бўлган. Тартибсизликлар вақтида 12 киши жароҳатланган.

Норози халқ шаҳар кўчаларида баррикадалар қуриб, ўз талабларини билдиришган. Лекин тез орада полиция назоратни қўлга олган ва намойишчилар тарқаб кетган.

El Financiero нашри ёзишича, 2015 йилнинг августида шаҳар жамоатчилигининг 30дан ортиқ вакили Чьяпас штати ҳукуматидан ижтимоий ҳимоя, йўллар ва бошқа маиший қурилишлар учун 100 миллион песо ажратишни сўраганди.