Халқаро Олимпия қўмитаси Россия терма жамоасини Рио–2016 Олимпиада ўйинларидан четлаштирмаслик бўйича қарор қабул қилган.

«Матч ТВ» телеканали раҳбари Тина Канделаки ўз твиттерида шу ҳақда маълум қилди.

«Бизнинг манба Россия вакиллари Олимпия ўйинларида иштирок этиши ҳақида маълум қилди.

Бир неча дақиқадан кейин эфирга чиқамиз», дея ёзган у.

Бугун Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтаётган ХОҚ Ижроқўми йиғилишида Россия терма жамоасининг Олимпиада ўйинларидаги тақдири ҳал қилиниши кутилаётганди.

Бундан олдинроқ Daily Mail нашрида Бутунжаҳон допинг агентлиги (WADA) ўтказган суриштирувдан сўнг Россия термасини Рио–2016 ўйинларидан четлаштириш тавсия этилгани хабар қилинганди.

Газета ХОҚдаги манбасига таяниб  допинг бутун спорт оламига ҳужум эканини кўрсатиш мақсадида Рио–2016 Олимпиадасига йўлланма олган барча 387 россиялик спортчи четлаштирилишини ёзганди.