АҚШнинг Афғонистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги давом эттирилади. Кобулдаги терактдан кейин Оқ уй томонидан шундай баёнот берилди.

"Биз Афғонистон махсус хизматлари билан минтақадаги хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни давом эттирамиз. Мамлакат фаровонлигиги, барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид қилаётган кучларга қарши биргаликда курашамиз", дейилган баёнотда.

Шунингдек, унда Кобулдаги теракт "тинч аҳолига ҳужум" бўлгани қайд этиб ўтилган.

Афғонистон пойтахти Кобулда 23 июль куни рўй берган портлаш оқибатида 80 киши ҳалок бўлди, 230 киши жароҳатланди.

Мамлакат ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сиддиқ Сиддиқийнинг маълум қилишича, уч экстремист намойишчилар оломони ичига кириб олган. Улардан икки нафари эгнидаги портловчи ускунани ҳаракатга келтирган, учинчиси эса полициячилар томонидан ўлдирилган.

ИШИД ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.