«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери International Champions Cup турнири доирасидаги «Селтик»ка қарши учрашувдан кейин (1:1, пенальтилар бўйиач – 6:5) жамоа ярим ҳимоячиси Риёз Маҳрезнинг бошқа жамоага кетиб қолмаслигига ишонч билдирди.

«Мен бунга аминман. Албатта, биз бошқа жамоалар ҳам АПЛда ғолиб чиқишни истаётганини биламиз. Биз чемпионликни ҳимоя қилишимиз керак.

Риёз қандай қувонганини кўрганмисиз? У жуда кўп машғулот ўтказмоқда. У биз билан қолади.

Маҳрезни сақлаб қолиш жуда муҳим – у асосий юлдузларимиздан бири. Бошқа жамоаларда юлдуз футболчилар шундоқ ҳам етарли. У бошқа жамоага ўтса, асосий таркиб учун курашишига тўғри келади, балки захира ўриндиғига михланар. 

Шунинг учун, у мен билан қолгани маъқул», – деган Раньери Sky Sports нашрига.

Бундан олдинроқ, Маҳрез «Арсенал»га  50 миллион евро эвазига ўтиши ҳақида хабар тарқалганди. Маҳрезга «Манчестер Сити»дан ҳам қизиқиш сақланиб қолмоқда.

Ёзги трансферлар аввалида «Арсенал» ўтган мавсум чемпионларининг асосий ҳужумчиси Жейми Вардини трансфер қилишга ҳаракат қилиб кўрди. Трансфер муваффақиятли амалга ошиши арафасида Варди жамоадошларининг ундови билан кетмасликка қарор қилди.

Лекин «Лестер»нинг бошқа бир етакчиси Кантени олиб қолишнинг иложи бўлмади, у «Челси»га ўтиб кетди.

Манба: Tribuna.uz