Анқара фикрича, Туркиядаги давлат тўнтарувига уринишга алоқадор бўлган турк мухолифи Фатҳулла Гулен ва унинг тарафдорлари АҚШ ва Европа Иттифоқида маълум қўллаб-қувватловга эга. Бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Мехмет Шимшек СNBC телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда ТАСС.  

"Биз Гулен ва унинг издошлари америкалик сенатор ва уларнинг ёрдамчиларига Туркияга 800 га яқин тўланган сафар ташкиллаштирганини аниқладик. Биз Гуленда Вашингтон ва Брюсселда жиддий қўллаб-қувватлов борлигидан яхши хабаримиз бор", деб айтди Шимшек.  

Шимшек агар Анқара Вашингтонга Гуленнинг фитнага алоқадорлигининг аниқ исботларини тақдим қилса, АҚШ ҳукумати икки томонлама муносабатларга муаммолар яратмаслик учун Гуленни Туркияга топширишини айтди.  

"Агар биз АҚШга Гуленнинг тўнтарувга алоқадорлигини исботласак, унда бу исботлар унинг экстрадицияси учун салмоқли далил бўлади. АҚШ – бизнинг иттифоқдош ва стратегик ҳамкоримиз ва биз бу масала ўзаро муносабатларимизга муаммо бўлмаслигини истаймиз", деб таъкидлаб ўтди сиёсатчи.

Гулен "Фатҳуллачилар террорчилик ташкилоти" раҳбари ҳисобланиб, Анқара фикрича, бу ташкилот давлат тўнтарувини тайёрлашга жавобгар. Гулен 1999 йилдан АҚШнинг Пенсильвания штатида яшайди. Туркия АҚШдан Гуленнинг топширилишини расман сўради. Гулен ва тўнтарув бўйича ишнинг 70 дан ортиқ асосий фигуранти бўйича суд ноябрь охирига ўтказилиши белгиланган.  

Кейинги ҳафтада АҚШга Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала ва адлия вазири Бекир Бўздаг сафар уюштириши режалаштирилган. Уларнинг АҚШга сафаридан асосий мақсад Гуленнинг экстрадиция қилиниши масаласини муҳокама қилиш ҳисобланади.