Туркиядаги Банк соҳаси назорати ва бошқарув агентлиги Bank Asya банкининг лицензиясини бекор қилди. Бу банк мамлакатда ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уринган Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадорлиги қайд этилган.

Hürriyet хабарига кўра, 18 июль куни Туркия жамғармаларни суғурталаш Фонди ушбу банк фаолиятини вақтинчаликка музлатган эди. Шу йилнинг июнида Bank Asya банки активлари "молиявий барқарорликни таъминлаш" мақсадида фонд ихтиёрига ўтказилганди.

Bank Asya банкига 1996 йилда асос солинган, у Туркиядаги энг йирик банклар ўнлигига кирарди. 2013 йилда ҳам мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу банкни Гуленга яқинлиги учун айблаганди. Бу айбловдан кейин банк мижозларининг катта қисмидан айрилди. Унинг 2014 йилдаги даромади 81 фоизга камайди.