24 июлга ўтар кечаси АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида профессионал бокс кечаси ташкил этилди.

Оқшомнинг марказий жангида биринчи ярим ўрта вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони америкалик 28 ёшли Теренс Кроуфорд айнан шу вазннинг WBC йўналиши чемпиони украиналик 32 ёшли Виктор Постолга қарши бирлаштирувчи чемпионлик жангида рингга кўтарилди.

12 раунд давом этган жанг ҳакамларнинг баҳосига кўра америкалик боксчи ғалабаси билан якунланди (118-107, 118-107 ва 117-108).

Қайд этиш керакки, 5-раунд вақтида украиналик спортчи 2 марта нокдаун ҳолатига тушди.

Шу тариқа, WBO камари соҳиби бўлган Кроуфорд Постолдан WBC чемпионлиги титулини тортиб олди.

Бунгача икки спортчи ҳам мағлубият қайд этмаганди. Кроуфордда эндиликда 29 жангдан 29 ғалаба кўрсаткичи юзага келган (20 нокаут). Постолда эса 28 ғалаба (12 нокаут) ва 1 мағлубият.