Ўзбекистон 2016 йилда 1,1 млрд доллардан кўпроқ текстил ва тўқимачилик-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилишни режалаштирмоқда, деб хабар қилмоқда «Правда Востока» нашри. Газетанинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 1995 йилдан бери соҳага 2,5 млрд. доллардан ортиқ маблағ жалб этилган. 

Сўнгги йилларда, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Италия, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Ҳиндистон ва бошқа ҳамкор давлатлар иштирокида 200дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. 

Пахта толасини қайта ишлашдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олган юқори технологияли замонавий текстил корхоналари ишга туширилди. 

«Агар 1994 йили хорижий сармоя иштирокида атиги 3та корхона бўлган бўлса, унинг тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки фоизни ташкил этган. Бугунги кунда корхоналар сони 200дан ошиб, уларнинг тайёр маҳсулоти 80 фоиздан ошиб кетди», - деб қайд этади нашр. 

Агар, 1991 йилда текстил корхоналарининг пахта толасини қайта ишлаш саноат қувватлари ишлаб чиқарилган пахта толасининг 7 фоизини ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб бу рақам 45 фоизга етган. 

Бугунги кунда турли мамлакатларда Ўзбекистон текстил корхоналари маҳсулотларини намойиш этувчи 40га яқин савдо уйлари фаолият юритмоқда. Улар, хорижий ҳамкорларни топиш ва савдо ҳажмини оширишнинг самарали йўлларидан бири бўлган. 

Made in Uzbekistan тамғаси туширилган маҳсулотлар дунёнинг 50 давлати, хусусан ЕИ, МДҲ ва Лотин Америкаси, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Эрон, Исроил ва АҚШга етказиб берилади. Текстил ва трикотаж моллари шунингдек, Покистон, Грузия, Хорватия, Нигерия бозорларига ҳам етказиб берила бошланган.