Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Ироққа (2:1) қарши ўтказилган ўйиндан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Мураббий қайси футболчилар унинг принципларига тўғри келиши ва қайсилари тўғри келмаслиги борасида фикр билдирган.

«Локомотив» сафида тўпурар бўлиб турган Темурхўжа Абдухолиқов нега терма жамоага чақирилмагани ҳақидаги саволга у қуйидагича жавоб қайтарган:

«Темурхўжа Абдухолиқов? У терма жамоага номзод футболчилардан бири. Лекин у баъзи принципларга кўра ҳозирча терма жамоага мос келмайди. Шунинг учун ҳам уни жалб қилмадик», — дея Бабаяннинг сўзларидан иқтибос келтирган stadion.uz.

У қандай принципни назарда тутганини тушунтирмаган.

Бабаян «Локомотив»нинг асосий таркибига кира олмаётган Жасур Ҳасанов ҳамда Марат Бикмаев нега терма жамоада эканига изоҳ беришига ҳам тўғри келган.

«Жасур Ҳасанов ва Марат Бикмаев терма жамоа учун ёрдам бера оладиган қобилиятли футболчилар. Жасур ҳақиқий ватанпарвар, термага мос келади. У жамоасида асосий таркибга тушмаётган бўлса ҳам, бизнинг талабимизга жавоб берадиган хислатларга эга. Умид қиламанки, у «Локомотив»да асосий таркибга ўрнашиб олади. Бикмаев ҳам МТЖ таркибида бор кучини сарфлаб ўйнайди», деган Бабаян.

Шундан сўнг у ўртоқлик учрашуви эканидан фойдаланиб, Рустам Ашурматов ва Шерзод Аъзамовни туширишга нима ҳалақит бергани тўғрисидаги саволга жавоб берган.

«Фақат бир хил саволларни беряпсизлар. Терма жамоага ким мос келса шуларни чақирамиз, бу ерда шахсий қарашларга ўрин йўқ. Бу гап олдин ҳам айтилди. Биз Шерзод Аъзамовни ҳам, Рустам Ашурматовни ҳам текшириб кўрганмиз. Термага унга мос футболчиларгина чақирилади», — деб айтган мураббий.