Американинг Capstone Turbine Corporation компанияси Ўзбекистон газ қазиб олувчи иншоотлари учун электростанциялар етказиб беради. Capstone Turbine Corporationнинг Россиядаги йирик дистрибьютори БПЦ Инжиниринг «Ўзбекнефтегаз» холдинг компаниясининг бир қатор газ қазиб олувчи иншоотларига ENEX электростанцияларини йиғиш ва етказиб бериш шартномасини имзолади. 

Лойиҳа Жаҳон банки ҳомийлигида йўлдош газларни ёқишни қисқартириш Глобал ҳамкорлик дастури (GGFR) доирасида амалга оширилмоқда. «Ўзбекнефтегаз» МХК 2008 йилдан GGFR ҳамкори ҳисобланади ва машъала ускуналарида нефтнинг йўлдош газини ёқишни қисқартириш бўйича комплекс чораларни кўриб келади. 

Шу мақсадда, Ўзбекистондаги «Шўртан» газ-кимё мажмуасида Россияда ишлаб чиқилган қуввати 1000 кВтлик микротурбинали ENEX 1000 электрстанциялари ўрнатилади. «Шўртаннефтегаз» корхонасининг яна учта конида чиқувчи йўлдош газларни ENEX 65 ва учта ENEX 130 станциялари ёқиб, электр манбаига айлантиради. 

Ишлаб чиқилган электр қуввати газ қазиб олувчи иншоотларнинг ўз эҳтиёжларига сарфланади. Шартнома асосида етказиб бериладиган электростанцияларнинг умумий қуввати 2455 кВтни ташкил этади. 

«Ўзбекнефтегаз» МХК ENEX электростанцияларидан фойдаланиш билан йилига 7 млн куб метрдан кўпроқ йўлдош газни ёқиш баробарида ундан самарали фойдаланишни йўлга қўяди. 

Бундан ташқари, авваллари йўлдош газлар шунчаки машъала қувурларида ёқилган ва ҳеч қандай фойда келтирмаган бўлса, эндиликда компания уни ёқиш орқали ҳосил қилган энергия қувватидан ишлаб чиқаришда фойдаланиш баробарида атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг қисқаришига ҳам ҳисса қўшади.