АҚШнинг энг йирик молиявий конгломератларидан бири – Citigroup таҳлилчилари Россия валютаси ўз қийматидан 11 фоизга юқори баҳоланиб юборилганини айтишмоқда. Бу ҳақда Россия бозори шарҳига иқтибос келтирган ҳолда RNS хабар бермоқда. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия валютаси ё яқин орада нефть нархларининг навбатдаги пасайиши билан боғлиқ ҳолда пастлаб кетади, ё нефть нархлари бир баррель учун 52 доллар нархга қайтади.  

"Ўзгаришлар бўлиши мумкин: нефть нархлари 2016 йилнинг 2-ярмида Citi прогноз қилгандек, Brent учун 52 долларгача ошиши мумкин, рубль эса барқарор қолади; ёки рубль 5-10 фоизга қадрсизланиши мумкин", деб айтмоқдалар таҳлилчилар. 

Таҳлилчилар рублнинг ҳозирги мавқеини "даромадликка глобал талаб ва Россиядаги нисбатан макроиқтисодий барқарорлик" билан боғлашмоқда. Бироқ ташқи қарзларни тўлаш зарурияти рублга босим ўтказади. Citi’нинг баҳолашича, Россия компаниялари 10 млрд долларга яқин ташқи қарзни узишлари керак бўлади.