Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти Миллий университет ҳузуридаги Тарих институтига айлантирилмоқда. Бу ўзгариш Ўзбекистон президентининг 18 июлдаги қарорида (pdf) кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор Ўзбекистон тарихи соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув жараёни билан ўзаро алоқасини кучайтириш, ўзбек халқи ҳамда миллий давлатчилик тарихи соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришга профессор-ўқитувчиларни, катта илмий ходим-изланувчиларни кенг жалб этиш мақсадида қабул қилинди.

Тошкентнинг Олмазор туманида фаолият олиб борадиган ЎзМУ ҳузуридаги Тарих институтининг умумий ходимлари чекланган сони 51 нафаргачани ташкил этиб, уларнинг 42 нафари илмий ходимлардир.

Институтда бешта — антропология ва этнология, қадимий ва ўрта асрлар тарихи, XIX асрнинг иккинчи ярми — XX аср бошлари даври тарихи, янги ва энг янги давр тарихи, шунингдек, тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқотлар методологияси ҳамда уларни ўқув жараёнига тадбиқ этиш бўлимлари фаолият кўрсатади.

Фанлар академиясининг Тарих институти (1970 йилга қадар ЎзССР ФА Тарих ва археология институти) 1943 йилда СССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали Тил, адабиёт ва тарих институти базасида ташкил этилган. Институт сайти маълумотларига кўра, унда 94 ходим, жумладан, ФАнинг 2 академиги, 19 нафар фан доктори ва 22 нафар фан номзоди фаолият кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 11 июлдаги қарори билан Фанлар академияси тузилмаси такомиллаштирилди. Ундан аввалроқ эса Фанлар академиясининг Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ва унинг қошидаги Ихтисослаштирилган конструктор-технологик бюро, ФАнинг Ядро физикаси институти ҳамда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти тугатилган эди.