Apple корпорацияси сотилган смартфонларининг сони бўйича рекорд кўрсаткични қайд этишга яқин турибди, деб ёзмоқда Financial Times. Унинг сони 1 млрдга етиш арафасида. 

Нашрнинг қайд этишича, бу гаджетлар ишлаб чиқарувчи ҳар қандай компания орзу қиладиган натижадир. 

Шу билан бирга, мақолада таъкидланишича, Apple 2016 йил иккинчи чоракка оид молиявий ва амалий ҳисоботини эълон қилиши кутилаяпти. Дастлабки маълумотларга кўра, компания бу давр ичида 40 млнга яқин iPhone сотишнинг уддасидан чиққан.

Financial Timesнинг ёзишича, июнь ойи охирига келиб, Apple тарихида сотилган iPhoneлар сони 987 млнга етади. Бунда, барча сотилган гаджетларнинг ярмидан кўпи охирги икки йил давомида сотилгани таъкидланган.

Шундай қилиб, компания бир ойда ўртача 13 млн дона смартфон сотаётганини ҳисобга олганда, миллиардинчи iPhone яқин кунларда сотилиши керак. 

«Microsoft бир пайтлар, ҳар бир стол устига биттадан шахсий компьютер қўйишни орзу қилган эди. Бугунги кунда смартфон — таъбир жоиз бўлса ҳар бир чўнтакдаги компьютер демакдир. Бизнинг навбатдаги мақсадимиз — Ер юзидаги ҳар бир инсонда смартфон бўлишига эришишдир», — деган мобиль бозори таҳлилчиси Andreessen Horowitz компанияси ҳамкори Бенедикт Эванс.

АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюросига кўра, 2016 йил  1 январь ҳолатига биноан, сайёра аҳолиси 7,3 млрд кишига етган. Бу эса, ҳар саккиз кишидан бири Apple компанияси ишлаб чиққан смартфонга эга бўлиши мумкин, деганидир.