Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6 триллион 314 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоиз ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари 4,5, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 18,9, қурилиш ишлари 12,8, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8, хизматлар ҳажми 15,5, чакана савдо айланмаси 14,5 фоизга ошди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 2,8 триллион сўмдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш имконини берди. Инвестицияларнинг 57,1 фоизи ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилган.

Ҳисобот даврида саноат дастурига асосан 44,1 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан 246 лойиҳа амалиётга татбиқ этилди. Шундан 164 таси янги ишга туширилган саноат корхонаси бўлса, 82 тасида модернизация ишлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг олти ойида 28 янги корхона ишга туширилди. Вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 50 тага етиб, уларнинг саноат маҳсулотларидаги улуши 10-12 фоизни ташкил этмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида 1 минг 32 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнесни молиявий-қўллаб қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 5 минг 320 тадбиркорлик субъектига 491,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. 

Ҳисобот даврида хизматлар ҳажми 2 триллион 61 миллиард сўмни ташкил этди. 703 савдо ва хизмат кўрсатиш объекти фойдаланишга топширилди. Уларнинг 460 таси қишлоқ жойларда ишга туширилди.

Вилоятда фаолият юритаётган 28 туристик корхона томонидан 3,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди. Хорижлик сайёҳларга кўрсатилган хизматлардан тушган маблағ 228 минг долларни ташкил этди.