Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг мамлакатга нисбатан жуда қўпол тарзда мурожаат қилганини таъкидлади. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу Фатҳуллоҳ Гулен ҳақида фикр билдирар экан унинг каттагина бандаси Қирғизистонда фаолият юритишини баралла маълум қилди. Бу эса Қирғизистон расмийларининг асабига тегди.

Туркия Қирғизистондан Гуленнинг ҳомийлигидаги мактабларни тезда ёпишини талаб қилган.

«Биз Туркия томонининг хавотирланаётганини тушунамиз. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Қирғизистон мустақил мамлакат. Нима яхши нима ёмон эканини биз ўзимиз ҳал қила оламиз.

Ташқи ишлар вазирининг бундайин қўпол ва хунук тарзда муносабат билдиришини оқлай олмаймиз. Бир мамлакат бошқа мамлакатга ултиматум қўйган ҳолда ёки шантаж йўли билан шарт қўя олмайди»,- дейилди Қирғизистон ТИВнинг бу борадаги баёнотида.

Туркия ТИВ агар Қирғизистон Гулен ҳомийлик қиладиган мактабларни ёпмайдиган бўлса, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ёмонлашувини таъкидлаган.