Нидерландия фуқароси бўлган сомалилик йигит Омар Муни охирги вақтларда бутун дунё мода оламида машҳур бўлиб кетди. У хонимлар учун сумка тикиш бизнесини йўлга қўйган. Омар тўққиз ёшида Нидерландияга қочиб келган ва шу ерда қолиб кетган.

У дастлаб қўлда сумка тикишни бошлайди ва уни мактабдош қизларга сотади. Аста-секин ўз фирмасини очади ва ҳозирда Omar muni Clothing номли бутун бошли корхонаси бор.

Унинг асосий мақсади бутун дунёдан Европага оқиб келаётган қочоқларни иш билан таъминлаш. Ўз сармояси ёрдамида Нидерландия ҳукуматига қочоқларни уй-жой билан таъминлашда кўмак бермоқчи.

«Мен тўққиз ёшимда Нидерландияга қочоқ бўлиб келгандим. Ўшанда қиш эди, совуқ эди. Битта футболка ва шортида келганман. Самолёт қўнаётганда аэропортда кўп, жуда кўп чироқларни кўрдим. Бу чироқлар менга умид бағишлаган эди»,- дейди Омар.

Унинг ишлари шунчалик машҳур бўлиб кетдики, АҚШнинг энг машҳур икки хоними ‑ президентликка номзод Ҳиллари Клинтон ва журналист Опра Уинфрилар унга буюртма беришган. Натижада кўплаб санъаткорлар қочоқларга ёрдам бериш ҳақида ўйлаб қолишди...