Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида ёлғон гаплар тарқатишда гумон қилинган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар департаменти матбуот хизмати маълум қилди.  

"Жезқазған ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан жамоатчилик тартиби бузилишига хавф яратувчи, ахборот-коммуникация тармоқлари воситалари ёрдамида атайлаб ёлғон ахборот тарқатганлик ҳолати бўйича судгача тергов олиб борилмоқда", дейилмоқда хабарда. Полиция маълумотларига кўра, 23 июлда WhatsApp мессенжери орқали турар жой биноларидан бири олдида қурол ва портловчи қурилмага эга террорчилар қўлга олингани ҳақида ёлғон хабар тарқатилган.

"Тергов-тезкор тадбири давомида гумонланувчи шахси ўрнатилди, у Жезқазғанда яшовчи 29 ёшли аёл бўлиб чиқди. Аёл айбини тан олувчи кўрсатмалар бермоқда", дейилмоқда хабарда. Аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Ёлғон-яшиқ ахборотни тарқатиш учун 5 йилгача, фавқулодда вазият вақтида эса 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.

Террорчилик билан боғлиқ миш-мишлар тарқалишига йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида бир ҳафта олдин Қозоғистон хавфсизлик кенгаши йиғилишида Нурсултон Назарбоев айтиб ўтганди. "Ваҳимали миш-мишлар тарқалишига йўл қўймаслик, иғвогарларни аниқлаш жуда муҳимдир. Олмаота ва бутун республика фуқаролари тартибни ўрнатиш учун қатъий чоралар кўрилаётганига ишончлари комил бўлиши керак", деб таъкидлаб ўтганди Назарбоев.