Ливия қирғоқларида 41 нафар чўкиб кетган муҳожир жасадлари топилди, деб хабар бермоқда The Daily Mail нашри. Жасадларни мамлакат пойтахти Триполидан ғарбга томон жойлашган Сабрат шаҳри пляжида бир гуруҳ кўнгиллилар аниқлаган. Жасадлар ўликхоналарга ДНК таҳлилини ўтказиш учун етказилган, сўнгра улар дафн қилинади. 

"Бизнинг фикримизча, бу одамлар 5-6 кун аввал чўкиб кетган", деб айтди маҳаллий ҳукумат вакили. Унинг айтишича, ҳар куни қирғоқда 1-2 нафар жасад топилади, бироқ 41 жасаднинг топилиши "жуда кўпдир".

21 июлда Ливия қирғоқларида 22 нафар муҳожир жасади топилганди, улардан бир нафари эркак жасади, қолганлари аёллар жасадлари бўлган. Бундан ташқари, кўнгиллилар соҳилбўйи ҳудудларидан бирини назорат қилаётганларида фалокатга учраётган иккита муҳожирлар кемасини аниқлаб, 209 кишини қутқариб қолишган.