АҚШ президенти Барак Обама CBS телеканалидаги Face The Nation кўрсатувига берган интервьюсида Хиллари Клинтонни замонавий тарихда АҚШ президенти лавозимига "энг муносиб тайёрланган номзод" деб атади.

Унинг айтишича, Клинтондан бошқа ички ва ташқи сиёсатни яхшироқ билувчи, сиёсатда "михдек қаттиқ" ва "Америка фойдаси тегадиган нарса томонидан ҳаракатлантирилувчи" шахсни топиш мушкулдир. 

Обама Клинтон "воқеалар биз истаганчалик тез юз бермайдиган" замонавий демократияни яхши тушунишини қўшимча қилди. 

"У ҳар доим таассурот қолдиришга интилмайди. Ундан анча яхшироқ нутқ сўзлайдиганлар бор. Бироқ у ўз ишини билади. Ва охир-оқибатда бу Оқ уйда яхши ишлаш учун зарур бўлган жиҳатдир", деб таъкидлаб ўтди Обама. 

Обама Клинтоннинг хусусий почтадан ўта махфий маълумотларни алмашиш учун фойдалангани "хато" бўлганини, бироқ мамлакат учун муҳим пайтда "Клинтон доимо ҳақ бўлганини" айтиб ўтди.

Июль бошида Обама ўзининг партиядоши бўлган Клинтонни биринчи бор расман қўллаб-қувватлаганди. Ўшанда Обама Клинтон билан бирга биринчи рақамли самолётда Шарлотта шаҳридаги тадбирга келган ва уни қўллаб-қувватловчи нутқ сўзлаганди.