Чеченистон раҳбари лавозимини вақтинчалик бажарувчи Рамзон Қодиров Кобулдаги терактга изоҳ бериб, Афғонистондаги беқарор вазият учун АҚШ ва НАТО жавобгарликка эгалигини айтди. У бу ҳақда инстаграмида ёзди.

"Афғонистонда 37 йил уруш давомида тинчлик бир қадамга ҳам яқинлашмади. АҚШ ўзининг бин Лодини билан курашиш баҳонасида бир неча ўн йилларга чўзилган фуқаролик урушини юзага келтирди. АҚШ ва НАТО афғон муаммосини 2 йилда ҳал қилиши мумкин эди. Бироқ уларга минглаб мусулмонларнинг ҳаётини олиб кетаётган абадий афғон қонли қозони керак", деб таъкидлаб ўтди Қодиров.  

Қодиров АҚШ ва НАТО "мусулмон давлатларида янги урушларни юзага келтираётганини" айтди. Бундан ташқари, у Афғонистон етакчиларини "ўзларининг шахсий, этник манфаатлари ва амбицияларини унутиб, бу муаммони ҳал қилиш учун бирлашишга" чақирди.

Аввалроқ Кобулдаги терактда камида 80 киши ҳалок бўлгани, 231 киши яралангани маълум қилинганди. Таъкидланишича, ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.