Лангарчўп билан баландликка сакраш бўйича икки карра Олимпия чемпиони, машҳур россиялик енгил атлетикачи Елена Исинбаева унинг Риодаги Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилганлардан шикоят қилди. Унинг айтишича, бу ҳимоя "ноль" бўлган. 

"Мана ҳаммаси тамом... Бизнинг Рио учун курашимиз якунига етди... Риодаги Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори зинасига кўтарилиш пешонамда битилмаган экан, менинг шарафимга бошқа Россия мадҳияси янграмайди, ўзимнинг қадрдон мухлисларимни планка устидан парвозларим билан бошқа хушнуд қила олмайман. Ё Тангрим, бундай адолатсизлик қанчалик аянчли. Бизнинг ҳимоямиз заиф, ноль деб айтган бўлардим. Ҳеч ким менинг ҳуқуқимни ҳимоя қилмади. Бу қонунсизлик ва тартибсизлик олдида ожиз эканлигингдан кўзларингга ёш келгудек қайғули. Мен енгил атлетика учун қилган барча ишларимни англашимдан кўз ёшларим оқмоқда. Биз Евгений Васильевич билан вақтдан 10 йил олдинлаб кетдик. Жаҳон рекордларимиз ва ғалабаларимиз билан лангарчўп билан сакрашни жаҳон енгил атлетикасининг биринчи рақамли спортига айлантирдик. Менинг Чебоксардаги ғалабам ҳозирги кунгача мавсумдаги энг яхши натижа бўлиб қолмоқда. Мен Риода дунёга қандай баландлик, қандай ҳис-ҳаяжонлар туҳфа қилмоқчи бўлганим сирлигича қолади... Мен учун ҳам... Ҳўнграб юборгим келяпти..", деб ёзди Олимпиадага бора олмаслигидан ғам-аламга тўлган спортчи ўз инстаграмида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро Олимпия қўмитаси Россия терма жамоаси тўлиқ таркибда Олимпиададан четлаштирилмаслигини маълум қилди. Бироқ Россия енгил атлетика жамоаси бутун таркибда ўйинлардан четлатилиши бўйича қарор ўз кучида қолди.