CB Insights  таҳлилчи компанияси йирик компанияларнинг энг омадсиз лойиҳалари рўйхатини тузди. 101 пунктдан иборат рўйхатга Apple, Pepsi, Google, BIC ва бошқа брендларнинг лойиҳалари киритилди. Шулардан энг диққатга сазоворларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

 

Coca-Cola’дан New Coke (1985 йил)

Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Coca-Cola бошқа газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан жиддий рақобатга тўқнаш келиб, ўз ичимлигининг классик шаклини ўзгартиришга қарор қилди ва янги бренд - New Coke’ни тақдим қилди, у оригинал “кола”дан ширинроқ эканлиги билан ажралиб турарди. Дастлабки синовларнинг муваффақиятли ўтганига қарамай, компания истеъмолчилар томонидан кўп сонли норозиликларга дуч келди. Улар Coca-Cola мижозларга танлаш имкониятини бермаганидан шикоят қилишди. Бунинг натижасида Coca-Cola ичимлиги классик шаклига қайтди. 

 

Facebook Phone смартфони (2013 йил)

2013 йилда Facebook ОС Android бошқаруви остида смартфонлар учун шахсий интерфейсини намойиш қилди ва уни Facebook Home деб номлади. Бу интерфейсли илк телефон - HTC First бўлиб, унга Facebook Phone дея ном беришди. Асосий экранда дўстларнинг хатлари ва бошқа хабарлар акс этарди. Қурилмани сотиш билан шуғулланган AT&T компанияси талабнинг камлиги туфайли уларнинг нархини 99 доллардан 99 центгача туширди. 2016 йилда эса мазкур лойиҳа бекор қилинди. 

 

Atari’дан “Ўзга сайёралик” ўйини (1982 йил)

1982 йилда Atari ўзининг Atari 2600 приставкаси учун E.T. the Extra-Terrestrial ўйинини тақдим этди, бу ўйин Стивен Спильбергнинг “Ўзга сайёралик” фильми асосида ишлаб чиқилган. Фақатгина лицензияни сотиб олиш учун компания 20 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Atari 4 миллион картриж ишлаб чиқарди, улардан 2,5 миллиони қайтарилди. Ўйин экспертлари бу лойиҳани Atari’нинг асосий молиявий инқирози деб ташади, ўйинни эса – 1983 йилдаги ўйин саноатини таназзулга олиб келган омиллардан бири деб ҳисоблашди. 

 

Twitter Peek (2009 йил)

Peek компанияси 2009 йилда Twitter Peek ускунасини ишлаб чиқарди, унинг ёрдамида Twitter фойдаланувчилари лентани текшириб, твитлар йўллашлари мумкин бўлган. Бироқ ускуна фақатгина охирги 20 хабарни кўрсатган, шу боис фойдаланувчилар уни бефойда деб топишган. 

 

Frito-Lay'дан "ёғсизлантирилган" чипслар (1998 йил)

 

Тўқсонинчи йиллар охирларида Lays Cheetos чипсларини ишлаб чиқарувчи Frito-Lay - янги "ёғсизлантирилган" Wow чипсларини сотувга чиқарди, уларни ишлаб чиқаришда  олестра - синтетик ёғ муқобилидан фойдаланилган. Янги маҳсулотнинг чиқарилиши истеъмолчиларнинг ошқозондаги жиддий муаммолардан шикоят қилишига ва ҳаттоки судгача олиб келди.

 

Pepsi Crystal (1992 йил)

Тўқсонинчи йилларда PepsiCo компанияси Pepsi Crystal ичимлигини тақдим этди – худди ўша Pepsi, фақат кофеинсиз. Компаниянинг бундай қарори кишиларни соғлом таомланишга бўлган қизиқишини мустаҳкамлаш билан изоҳланди. Бироқ бу ғоя классик “пепси”га ўрганиб қолган истеъмолчиларга маъқул келмади, улар цитрус мевалар таъмига эга бўлган шаффоф ичимликни қабул қилишмади. 

 

Nintendo’дан Virtual Boy (1995 йил)

1995 йилда Япониянинг Nintendo компанияси уч ўлчамли графикни акс эттиришга қодир Virtual Boy ўйин консолини ишлаб чиқарди. 1996 йилда харидорларнинг кўплаб шикоятлари туфайли консолни ишлаб чиқариш тўхтатилди. Улар ускунанинг беқарор ишлаши ва кўзга зиён етказишидан (унда қора ва қизил ранглар устунлик қилган) арз қилишган. 

 

Oakley’дан MP3-плеер ўрнатилган қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак (2005 йил)

Кўзойнак ва аксессуарлар ишлаб чиқарувчиси бўлган Oakley 2005 йилда Oakley Thump MP3-плеери бириктирилган қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак яратди. Бундай кўзойнаклар жудда қиммат бўлган (495 доллар), улар “ҳаддан зиёд замондан ортда қолган кўриниш”да бўлган, плеердаги товуш эса жуда заиф бўлган. 

 

Microsoft’дан Zune MP3-плеери (2006 йил)

2006 йилда Microsoft компанияси Zune MP3-плеерини ишлаб чиқарди,у режага кўра iPod билан рақобатга киришиши керак бўлган.  Фойдаланувчилар қурилма ҳақида ижобий фикр билдиришган, хусусан уларни Zune’нинг бошқа соҳиблари билан мусиқа алмашиш функцияси жалб қилган. Бироқ бу машҳурлик бобида Apple плеерига етиб олиш учун етарли бўлмаган. 2011 йилда Microsoft компанияси Zune плеерларини ишлаб чиқариш тўхтатилганини маълум қилди.

 

Apple’дан Pippin ўйин приставкаси (1995 йил)

Тўқсонинчи йиллар ўрталарида Apple ўзининг ягона ўйин приставкасини яратишга уриниб кўрди. 1995 йилда компания Pippin – ўйинлар ўйнаш ва интернетга кириш учун мўлжалланган консолни ишлаб чиқди. Apple қурилма лицензиясини бошқа компанияларга сотмоқчи бўлган. Pippin билан шуғулланувчи ягона фирма Япониянинг Bandai’и бўлган. Жами 42 мингдан 100 минггача қурилма ишлаб чиқилган. 

 

Microsoft’дан Bob график интерфейси (1995 йил)

1995 йилда Microsoft компанияси компьютерда ишлашга мўлжалланган Bob график интерфейсини ишлаб чиқарган. У шахсий файлларини тартибга келтириш ва ишни енгиллаштиришда  фойдаланувчиларга ёрдам бериши керак бўлган. Бироқ сервис процессорга оғирлик қилган ва натижада лойиҳа бекор қилинган.

 

ESPN’дан қўл телефони (2006 йил)

2006 йилда Американинг ESPN кабель спорт телевидениеси компаниянинг ажойиб контентига кира оладиган шахсий мобил телефонини намойиш қилди. Таҳлилчиларнинг айтишича, бу ғоя бошиданоқ инқирозга юз тутиши маълум бўлган. “Бу 300 долларлик ноқулай интерфейсга эга қўпол “тухтлама” ("раскладушка") бўлган”.

 

Google’дан уч ўлчамли виртуал олам (2008 йил)

Google Lively — бу 3D-виртуал олам, бу ерда фойдаланувчилар ўз қаҳрамонлари ва маконларини яратишлари, шунингдек у ерга видео ёки мусиқа қўшиши мумкин бўлган. Лойиҳа Second Life от Linden Lab сервисига старт берилганидан 5 йил ўтиб, 2008 йилда йўлга қўйилган. 2008 йилнинг 31 декабрида Google корпорацияси Lively’ни ёпди. Таҳлилчилар лойиҳа таназзулининг сабабларидан бири сифатида маркетингнинг йўқлиги ва сервиснинг фақатгина Windows’да ишлашини кўрсатишди. 

 

BIC’дан ич кийим ва атир (1990-йилларнинг охири)

Қиммат бўлмаган ручкалар, зажигалкалар ва бритва станоклари сотуви орқали ном қозонган BIC корпорацияси ич кийим бозорига ҳам чиқишга қарор қилди, бироқ бу ғоя муваффақият қозонмади. Харидорлар ручка ва зажигалкалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бренднинг ич кийимга ўтишини қабул қила олишмади. Ич кийимлар билан бир вақтнинг ўзида компания атирлар сотувини ҳам йўлга қўйди, аммо 1999 йилда икки йўналиш ҳам ишлаб чиқаришдан олиб ташланди. 

 

McDonald's компаниясидан бургерлар “конструктор”и (1980-йиллар)

Саксонинчи йилларда McDonald's бургерлар тайёрлашнинг турли вариантлари устида тажриба қилган. Мазкур тажриба доирасида компания мижозларга ўзи танлаб олиши мумкин бўлган бургерни таклиф қилган. Масаллиқ пластик қутига жойланган: булочканинг пастки қисми ва гўшт – сабзавотлар, пишлоқ, соус ва булочканинг устки қисмидан алоҳида тахланган. Мўлжалга кўра, бундай қутини буюртма қилган мижоз истаган пайтида уни йиғиб, ейиши мумкин бўлган. Бироқ бу ғоя харидорларни қизиқтирмади. 

 

Apple ва AOL’дан eWorld сервиси (1994 йил)

1994 йилда Apple корпорацияси AOL билан бирга eWorld лойиҳасини ишга туширди. Сервис почта, янгиликлар, ҳужжатларни қулай интерфейсда кўриб чиқиш имконини беради. eWorld’да 400дан ортиқ компанияларнинг иловалари интеграция қилинган. Бироқ сервисдан фойдаланишнинг нархи қимматлиги ҳамда унинг Macintosh’дан бошқа платформаларда ишламаслиги туфайли лойиҳа тўхтатилган. 

 

Google Wave (2009 йил)

2009 йилда Google корпорацияси Wave веб-сервисини ишга туширган, у ҳужжатларни биргаликда таҳрир қилиш учун электрон почтани чатлар, сервислар ва бошқа платформалар билан бирлаштирар эди. Лойиҳа фойдаланувчилар орасида маълумотлар алмашишни енгиллаштиришга мўлжалланган эди. Бироқ одамлар сервисни қаерда қўллашни билишмаган ва Google 2012 йилда Wave лойиҳаси ёпган. 

 

Xybernaut’дан Poma миникомпьютери  (2002 йил)

2002 йилда Xybernaut компанияси қўлда олиб юрилувчи Poma миникомпьютерини тақдим қилган, унинг ёрдамида электрон почтани текшириш ва мусиқа тинглаш мумкин бўлган. Poma Windows CE’да ишлаган. Унинг нархи 1,5 минг доллар бўлган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Poma қўлда олиб юришга мўлжалланган қурилмаларга мансуб бўлса-да, у буткул портатив ҳисобланмаган.