Туркия жануби-шарқидаги Мардин вилояти ҳудудида Курдистон ишчилар партияси аъзолари томонидан ўрнатилган қўлбола бомба портлаши туфайли 3 нафар полициячи ҳалок бўлган. Бу ҳақда ҳарбийлар орасидаги манбасига асосланган ҳолда Anadolu хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, портловчи қурилма Қизилтепа ва Вираншеҳир қишлоқларини боғловчи трассада ҳаракатга келтирилган. Бу вақтда йўлдан полициячиларнинг зирҳли машинаси ўтаётганди. Ҳужум оқибатида 2 нафар полициячи воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бири шифохонага олиб борилгач, жон берган.

Айни вақтда минтақада курд жангариларига қарши ҳарбий амалиёт ўтказилиши давом этмоқда.

2015 йилнинг июлида Туркияда курдлар партияси билан низо янгиланганидан кейин ўзаро тўқнашувлар туфайли 600 нафардан ортиқ ҳарбий ва полициячилар ҳалок бўлди. Туркия бош штаби ўтган вақт ичида курдларнинг 5 мингдан ортиқ жангариси йўқ қилингани ҳақида билдирган. Курдларнинг Халқ демократик партияси етакчиси берган маълумотга кўра эса, ҳалок бўлганларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари эди.