Туркия ҳукумати мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш рўй бериши ортидан бошланган ялпи тозалаш тадбирлари доирасида 42 нафар журналистни ҳибсга олиш учун ордер берган. Бу ҳақида маҳаллий нашрларга асосланиб Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Айни вақтда исён ташкилотчиси сифатида айбланган Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадорлиги гумон қилинган журналистларни қидириш ва қўлга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан олдинроқ, Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш «илҳомчиси» деб ҳисобланаётган имом Фатҳулла Гуленнинг жиянини қўлга олгани ҳақида хабар берилганди.

1999 йилдан буён ўз хоҳишига кўра АҚШда қувғинда яшаб келаётган Гуленнинг ўзи Туркияда мактаб ва хайрия ташкилотларининг кенг тармоғига ҳамда кўплаб издошларга эга. У 15 июлда содир бўлиб, камида 246 кишининг ўлимига сабабчи бўлган давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлигини рад этмоқда.

Шундан сўнг бошланган ялпи тозалаш доирасида 13 мингдан ортиқ киши исёнга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинди.