Туркияда муваффақиятсиз амалга оширилган ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган ялпи тозалаш тадбирлари доирасида Turkish Airlines авиакомпаниясининг 100 нафардан ортиқ ходими ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатган.

Манба маълумотига кўра, авиакомпанияда ишдан бўшатишлар 24 июль куни амалга оширилган. Ишини йўқотганлар орасида авиакомпания раҳбарияти вакиллари ҳам бор.

Қайд этилишича, авиакомпаниядагилар бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортишган.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбийлар ҳукуматни ўз қўлга олгани ҳақида маълум қилди. Анқара ва Истанбул шаҳарларига танклар олиб кирилди.

Туркия бош штаби ҳарбий тўнтариш юз бергани ҳақида маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исён бошлангани ҳақида маълум қилиб, халқидан ёрдам сўрагач, кўчага чиққан одамлар ёрдамида исён бостирилди.

Тартибсизликлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 246 киши ҳалок бўлди, исёнчилар орасида ҳалок бўлганларнинг аниқ ҳисоби келтирилмади. Исёнчилар ҳисобга олинмаганда, жароҳатланганлар сони 2185 нафарни ташкил қилди.

Эрдўған бу исён ташкилотчилигида мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленни айблаган.

Айни вақтда мамлакатда исёнга алоқадорларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда. Шу вақтгача 10 мингга яқин киши қўлга олинди. Давлат органларида олиб борилаётган ялпи тозалаш ишлари доирасида 70 мингга яқин хизматчи лавозимидан четлатилди.

21 июль куни Туркияда 3 ой муддат давом этадиган фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилди.