Microsoft компанияси навбатдаги маротаба Xbox One ўйин приставкасини арзонлаштирди. Твиттерда Xbox Live’ни ривожлантириш директори Ларри Гриб маълум қилганидек, приставканинг АҚШда 500 Гб ли моделини 249 долларгача сотиб олиш мумкин. Акция "чегараланган муддат" давомида ўтказилмоқда.  

Приставка биринчи маротаба 2013 йилда чиқарилганда 500 Гб диск ва Kinect контроллёрига эга варианти 499 доллар турган. 2014 йил июнда қурилма 399 долларгача арзонлаштирилган. 2016 йил май ойидан бошлаб қурилма 299 доллардан 279 долларгача, энди эса 249 долларгача арзонлаштирилди.

Кўринишича, компания қурилманинг омбордаги захираларини тезда сотиб юбормоқчи, чунки 2 августдан қурилманинг S ҳарфига (Slim – ингичка) эга кучлироқ янги модели чиқади. Xbox One S ўзидан аввалги моделдан 40 фоизга ихчамроқ бўлади ва шу билан бирга контентни жуда юқори – 4K кўрсатиш қобилиятида чиқара олади. Бундан ташқари, янги модель эргономикроқ геймпад билан жиҳозланади.

Xbox One S АҚШда 2 августдан сотувга чиқарилади. Қурилманинг 500 Гб хотирага эга версияси 299 доллардан, 1 терабайт хотирага эга версияси эса 349 доллардан сотилади. Қурилманинг 2 Тб хотирага эга энг катта ҳажмли вариантини эса 399 долларга харид қилиш мумкин бўлади.