Бугунги кунда компьютерлар инсон ҳаётига шунчалик чуқур кириб келганки, замонавий дунёни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сотилаётган шахсий компьютерлар ва лэптоплар сони тобора ортиб бориши баробарида уларнинг электр қувватини истеъмол қилиш ҳажми ҳам аввалгига қараганда сезиларли ўсган. Агар, булар ҳисобига йирик сервер фермалари ҳамда суперкомпьютерларни ҳам қўшадиган бўлсак, улар биргаликда электр қувватини гўё “қора туйнук”лар каби ямлаётгани аён бўлади. 

Яқинда, яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчилар Ассоциацияси томонидан эълон қилинган ҳисобот, кўпчилик мутахассисларни ўйга толдирди: яқин келажакда биз ўз компьютерларимизни электр қуввати билан таъминлай оламизми?

1990 йилдан бери, микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи 19та етакчи компания экспертларидан иборат комиссияси, сўз юритилаётган техниканинг электр қуввати истеъмолига оид ўзига хос харитасини тузиб келади. 

Бугунги кунда, ушбу уюшмада микрочиплар ишлаб чиқарувчи 4та компания – Intel, TSMC, Samsung ва Global Foundries қолган. Мазкур ташкилотнинг сўнгги ҳисоботи эса, кишида бирмунча ташвиш уйғотмай қолмайди. Унга кўра, 2040 йилга келиб, инсоният томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси компьютерлар талабини қоплай олмайди. Уни сиз қуйидаги диаграммада кўришингиз мумкин. 

Инсоният шундай бир нуқтага яқинлашмоқдаки, бир пайтлар Жордон Мур тахмин қилганидек физика эмас, балки иқтисодиёт компьютер технологияларининг кейинги ривожини тўхтатиши мумкин. Ҳозирги давр жаҳон компьютер инфратузилмаси, дунё электр қувватининг сезиларли қисмини “ҳазм” қилиб юбормоқда. 

Шунга кўра, экспертларнинг фикрича, 2040 йилда инсоният компьютерларнинг электрга бўлган талабини қондира олмайди. Бундан кейин нима бўлишини эса, башорат қилиш мушкул вазифа. Албатта, булар шунчаки илмий эҳтимоллар назарияси бўлиб, улар ҳар доим ҳам ўз тасдиғини топавермайди. Бироқ, мутахассислар ҳақ бўлиб чиқадиган бўлса, унда ҳозирданоқ ё компьютерлардаги қурилмаларни ўзгартириш лозим, ёки энергия ишлаб чиқишнинг самарали йўлини топиши даркор.