АҚШда, мамлакат тарихидаги энг қиммат авиаташувчи кема ҳисобланувчи CVN-78 «Жеральд Р. Форд» жанговар сафга қабул қилинмади, деб хабар қилмоқда CNN телеканали Пентагон синовлар ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи Майкл Гилморнинг ҳисоботига таянган ҳолда. 

Ҳужжатда айтилишича, самолётлар кема палубасидан ҳавога кўтарилганда ва унга қўнишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунингдек, ўточиш аслаҳаларини кўчиришда ҳамда парвозларни бошқаришни ташкил этишда муаммолар пайдо бўлган. Бундан ташқари, кеманинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида носозликлар кузатилган. 

Гилмор қайд этганидек, мазкур камчилик ва нуқсонлар бартараф этилмаса, авиаташувчи кеманинг жанговар ҳаракатларда самарали иштирок этиш имконияти сезиларли пасаяди. 

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш учун кеманинг самолётлар учиш-қўниш йўлагини қайта лойиҳалаш талаб этилади. Шу мақсадда, Гилморнинг фикрича, «Жеральд Р. Форд»нинг Америка ҳарбий денгиз флоти таркибига қабул қилиниши 2017 йилгача ортга сурилади. 

СНН телеканалига кўра, 2009 йилдан бери қурилаётган мазкур кеманинг таннархи 13 млрд доллар атрофидаги маблағни ташкил этмоқда.