БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О'Брайен, Суриянинг Ҳалаб шаҳрининг шарқий қисмидаги 250 минг кишига инсонпарварлик ёрдамини ташкил этиш мақсадида ҳар ҳафта 48 соатлик муваққат сулҳ жорий қилишни таклиф этди. У, БМТ ХКнинг мажлисида нутқ қилиб, унинг аъзоларини мазкур ғояни қўллаб-қувватлашга чақирди. 

"Мен томонларни ва уларга таъсир ўтказа оладиганларни шарқий Ҳалабда 48 соатлик гуманитар сулҳ жорий этишга чақираман. Шундагина, БМТ ва унинг ҳамкорлари фронт ортида қамалиб қолган чорак миллион кишига ёрдам бериш имконига эга бўлади. Бу фақатгина ташкилотнинг гуманитар раҳбари сифатида менинг номимдан эмас, балки бутун халқаро ҳамжамият чағириғи сифатида қабул қилиниши керак", - деган О’Брайен.

Унинг сўзларига кўра, Ҳалаб шарқидаги озиқ-овқатлар захираси август ойи ўрталаригача етади. Суриянинг йирик шаҳрида кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар тобора авж олаётгани боис, гуманитар юклар етказиб бериш амалиёти барҳам топган ва эндиликда "шаҳар аҳолисига қамалда қолиш хавф солмоқда".