Оллоберган (исм-шарифлар ўзгартирилган) икки маротаба фирибгарлик жиноятини содир этиб, ўзига тегишли жазоларни олди. Аммо у бундан тўғри хулоса чиқармади. Ва яна жиноятга қўл урди.

Кунларнинг бирида Оллоберган Тошкентдан Ангрен шаҳрида яшовчи қариндошиникига меҳмонга борди. Беш кун у ерда бўлиб, сўнг пойтахтга қайтмоқчи бўлди. Йўл бўйида такси кутди.

Худди шу куни ангренлик Абдулатиф ҳам ўзининг “Нексия” машинасида шахсий ишлари билан Тошкентга бориш учун йўлга чиққанди. Йўл ёқасида такси тўхтатаётган йигирма беш ёшлардаги йигитнинг ёнига бориб, машинасини тўхтатди.

— Қаерга бормоқчисиз?  —  деб сўради ундан Абдулатиф.
— Йўлингиз Тошкент томонга бўлса, мени ҳам олиб кетинг, — деди Оллоберган.
— Машинага ўтиринг.

Улар йўлма-йўл гаплашиб кетишди.

— Исмим Оллоберган, —  дея ўзини таништирди йўловчи. — Мирзо Улуғбек туманида яшайман. Илгари банк соҳасида ишлаганман. Банкдан ҳар ойда давлат нархида 2.000 АҚШ доллари олиб тураман. Агарда шу соҳасида бирор-бир ёрдам керак бўлса, тортинмай айтаверинг. Ёрдам бераман. Манави телефон рақамим, — дея унга бир қоғозчани узатди.
— Сотиб олган машинамдан қарзим бор. Бу қарзни АҚШ долларида узишим зарур. Менга 600 АҚШ доллари керак. Ёрдам бера оласизми? — деб сўради Абдулатиф.
— 600 АҚШ доллари давлат нархида 1.300.000 сўм бўлади.
— Эссиз, пулларим пластик карточкада эди-да. Нақд пулим камроқ.
— Банккага бориб, гаплашиб кўрайлик-чи, бир гап бўлар.

Шундай қилиб улар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган банклардан бирига боришди. Оллоберган у ерга ўзи кириб чиқди. Кейин улар бошқа бир банкка боришди. У банкка кириб чиққач, йигит Абдулатифдан пластик карточкаси ва пулларини, паспортини сўради.

Абдулатиф унга ичида 1.060.000 сўм пули бўлган пластик карточкасини, 240.000 сўм нақд пул ва паспортини бериб, Оллобергандан ўзига тегишли бирор-бир ҳужжатини беришини талаб қилди.

Оллоберган чўнтагидан ҳарбий гувоҳномасини олиб, уни гаров сифатида ҳайдовчида қолдирди.

Оллоберган ўн дақиқалардан сўнг банкдан чиқди-да, ҳайдовчининг ёнига бориб деди:
— Тушлик вақти бўлиб қолибди. Пластик карточкангиз ва паспортингизни ташлаб чиқдим. Тушликдан сўнг олиб кетамиз. Ҳозир мени ТТЗ бозорига олиб бориб келинг. У ерда телефонимни устахонада қолдиргандим, —  деди Оллоберган ёлғон гапириб. Аслида унинг нияти бозорга кириб, қочиб қолиш эди.

Содда ҳайдовчи унинг гапларига ишониб, машинасини ТТЗ бозорига ҳайдади. Оллоберган бозор ичига кириб кетгач, ярим соатча дараги бўлмади. Тоқати-тоқ бўлган Абдулатиф унга қўнғироқ қилди.
— Мени милиция ходимлари ушлаб олишди. Хонасига олиб кетишаяпти. Эртага гаплашамиз, — дея Оллоберган уни алдаб, гўшакни қўйиб қўйди.
Ҳайдовчи уни яна бир соатлар кутди. Қайта-қайта қўнғироқ қилди. У гўшакни кўтарган заҳотиёқ пластик карточкаси, паспорти ва пулларини қайтаришини сўради.
— ”ТАПОиЧ” заводи олдида кутиб туринг. Омонатларингизни бериб юбораман, — деди у.
Абдулатиф у айтган жойга бориб яна бир соат кутди. Оқ рангли “Матиз” машинасининг ҳайдовчиси унга паспортини, пластик карточкаси ва бир хатни берди.
— Оллоберганнинг ўзи қани? — деб сўради ундан Абдулатиф.
— Мен ҳеч кимни танимайман. “Почта” қилиб бериб юборишди, омонатингизни бердим. Мен таксистман,  — дея ҳайдовчи унинг олдидан узоқлашди.

Шундан сўнг у Ангрен шаҳрига қайтди. Йўлда ёқилғи қўйиш шохобчасига кирди ва пластик карточкасида пул тўламоқчи бўлди. У ердаги ходим унинг пластик карточкасида умуман пул йўқлигини айтди. Шундагина алданганини тушунди. Бу ҳақда дарҳол Мирзо Улуғбек туман ИИБга мурожаат қилди. 

Оллоберган узоққа қочиб кетолмади. Тергов жараёнида у етказган моддий зарарни тўлашга мажбур бўлди.

Шундай қилиб суд Оллоберган Турсуналиевни Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдаси ундирилган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Хонбиби Ҳиммат қизи