Месси Ибицадаги таътили вақтида Роналду эътибор қаратмаган мухлис билан суратга тушишга рози бўлгани мухлисларнинг олқишига сазовор бўлмоқда.

Ўтган ҳафтада Месси ижарага олган Seven C номли яхтага номаълум шахс сузиб келганди. Қўриқчилар уни ҳайдаб юбормоқчи бўлган, аммо Месси уларни қайтариб, бу йигитни юқорига таклиф қилган ва у билан суҳбатлашиб, суратга тушган.

Sports.ru блогерларидан бири ҳикоя қилишича, Испаниянинг Сеута шаҳрида истиқомат қилувчи Сули исмли 24 ёшли бу йигит аввалига Ибицада таътилини ўтказаётган Криштиану Роналду билан суратга тушмоқчи бўлган, аммо португалиялик футболчи унга эътибор қаратмаган. Шундан сўнг Сули сувда бир километр сузиб ўтиб, Мессининг яхтасига яқинлашиб борганди. 

«Атлетико» мухлиси ҳисобланадиган Сулининг телефони сузиш вақтида сувга бўккан. Сурат Мессининг смартфонларидан бирида олинган ва у суратни Сулига жўнатишни ваъда қилган ва шундай ҳам бўлган.

Месси Сулининг ортга қайтиши учун ўз транспортини таклиф қилган, лекин йигит бундан бош тортиб, сузиб қайтиб кетган.

«Суҳбатимиз давомида у ўзини юлдузлар каби юқори тутмади. У ўта меҳмондўст ва сипо эди. Унинг оиласи эса шунчаки ажойиб. Мен Криштиану Роналдуни тунги клубда учратгандим, ўшанда у қўлини беришни истамаганди. Уни бу вақтда доим қўриқчилар ўраб туради ва унга яқинлашиб бўлмайди», дейди Сули.

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда Мессини бу иши учун алқашда давом этишмоқда.