CNET интернет нашри Bugatti Chiron гиперкарининг илк дизайнерлик намуналарини намойиш этди. Моделнинг ташқи кўриниши устида компания янги ишланмаларининг экстерьери бўйича бош дизайнери, россиялик Саша Селипанов жиддий тер тўккан. У, бунгача Volkswagen концернида салкам 10 йил меҳнат қилган ва Lamborghini Huracan дизайнини ишлаб чиқишда қатнашган.

Суратлардан кўриш мумкинки, лойиҳа устида иш олиб борилганда Chiron олд қисмининг агрессивлиги камайтирилган, ҳавосўрғичлар ортига яширилган чироқлар ўрнини 8та диодли ёруғлик элементлари эгаллаган. Автомобилнинг ён ва орқа томонлари ўзгаришларга кам учраган. 

Эслатиб ўтамиз, Chiron купеси шу йилнинг февраль ойида намойиш этилган эди. Гиперкарга 8 литрли, 1500-от кучига эга, W16 турбомотори ва етти босқичли автоматик узатмалар қутиси ўрнатилган. У, нолдан соатига 100 км тезликка 2,5 сонияда эриша олади. 6,5 сонияда соатига 200 км тезликка етса, 13,6 сонияда 300 кмлик тезликни ортда қолдиради. 

Унинг энг юқори тезлиги соатига 420 кмни ташкил этади. Бироқ, бунинг учун, алоҳида калит билан ишга тушириладиган махсус ҳаракатланиш тартибига ўтиш лозим бўлади. Машина спидометрида эса, унинг соатига 500 кмга ҳаракатлана олиши қайд этилган. 

2018 йили Bugatti компанияси автомобилда ҳаракатланиш бўйича жаҳон тезлик рекордини ўрнатишни режалаштирмоқда. Ҳозирги вақтда, дунёда серияли ишлаб чиқарилувчи энг тезкор машина Американинг Hennessey Venom GT гиперкари ҳисобланади. Унинг купе намунаси соатига 435 кмни ортда қолдириши мумкин бўлса, родстери 427,3 кмни босиб ўта олади. 

«Широн»нинг илк буюртмачилари ўз машиналарини шу йилнинг куз ойида олишади. Умуман, ушбу моделдан жами 500 дона ишлаб чиқилади. Унинг энг арзон намунаси  — 2,4 миллион еврога баҳоланади.