Нью-Йорк шаҳри ҳокими Билл Де Блазию ўзига хос антиқа бир қонунга имзо чекди. Унга кўра, нью-йорклик хусусий уй эгалари бир йиллик шартнома тузгандан сўнг яна шу хонадонда қолишни истаганлардан ортиқча ижара ҳақи ололмайди. Яъни нархлар эскилигича қолаверади.

Агарда ижарага берувчи икки йиллик шартнома тузган бўлса, кўчмас мулк эгаси ижарада турувчидан 2 ярим фоиздан ортиқ ҳақ ололмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Нью-Йорк ҳокимлиги 2 йилдан буён ижара ҳақини оширишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни амалга татбиқ этмоқда. Умуман олганда, бу йирик Мегаполисда 1969 йилдан буён уйларни ижарага олиш тартиби назорат қилинади. АҚШда фуқароларни уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича ўзига хос муаммолар мавжудлиги сир эмас. Океан ортидаги мамлакатда 30 йилга мўлжалланган узоқ муддатли Ипотека кредити берилади. Шу боисдан кўпчилик америкаликлар ана шу имтиёздан фойдаланишга интилишади. Бироқ Ипотека кредитидан бебаҳра қолган минглаб уйсизлар махсус ажратилган жойларда, кексайиб қолган ота-оналарининг ёрдамига муҳтожлигича қолаверади.

1937 йилда оламшумул депрессия вақтларида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун дастлабки ёрдам дастури тадбиқ этила бошланди. Унга кўра, камбағалларга унча қиммат бўлмаган нархда уй-жойларни ижарага бериш тажрибаси қўлланила бошлади. Ўтган асрнинг 60-йилларида мамлакат ҳукумати уйларни ижарага бериш давлат дастурини жорий этди. Унга кўра, ҳукумат хусусий уй эгалари билан уйларни эҳтиёжманд оилаларга паст нархда ижарага бериб, бунинг эвазига давлатдан товон пули олиш тартибини жорий этди. 1970 йилда субсидия бериш тўғрисидаги қонун ҳам кучга кирди.

Австралияда бу борадаги масала ҳам кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак. Яшил қитъадаги уй-жойларнинг 65 фоизи хусусий мулк эгалари қўлидадир. 1 миллион 100 мингдан ортиқ оилалар уй-жой муаммосини бошидан кечираётир. Яъни, улар олаётган даромадининг 30 фоиздан ортиғини бошпанаси учун сарфлайди. Ижара тармоғида ярим миллиондан ортиқ уй-жойлар танқислиги сезилмоқда. Мамлакатда 2001 йилдан буён 380 мингта ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар учун уй-жойлар борлиги рўйхатга олинган. 

Европада бу борадаги вазият қандай? Испанияда яшовчиларнинг 83 фоизи ўз уйига эга. Бу Европадаги энг юқори кўрсаткичдир. 8 фоиз испаниялик оила ижарада яшайди. Улардан бир фоизи эҳтиёжманд оилалар саналади. Испанияда Ви-Пи-Пи дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, йилига 100 мингта оилага давлат субсидияси ажратилади. Дастурга кўра, улар 30 йил давомида ана шу имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Молиявий инқирозга қадар Испания тижорий уй-жойлар қурилиши бўйича анча илгарилаб кетган бўлса, ҳозир бунёд этилаётган биноларнинг 3 дан бир қисми ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга мўлжалланган. Жойлардаги муниципалитетларга кўп нарса боғлиқ. Айнан бу идора кимга ва қай тариқа субсидия бериш, қандай уйларни қуриш ва таъмирлаш масаласига аниқлик киритади. Буюк Британия кўчмас мулклар борасида дунёдаги энг қиммат мамлакатлар сирасига киради. Қиролликда уй-жойлар етишмайди.

Ижарада яшаётган 70 фоиз фуқаролар уй эгалари билан бирга истиқомат қилади. Бу Европадаги энг юқори кўрсаткичдир. Буюк Британия ўтган асрнинг 40-йиллари охирларидан бошлаб аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини ишлаб чиққан ягона давлат бўлса-да, бу масалани ижобий ҳал этишнинг уддасидан чиқолмаяпти. Айни пайтда 700 мингдан ортиқ оила уй-жой олиш учун рўйхатда турибди. 1 миллиондан зиёд уй-жойлар яшаш учун яроқсиздир.

Бундан ташқари, яна ярим миллион британиялик талабга жавоб бермайдиган уйларда яшашга мажбур. Тўғри, қиролликда уй-жой олаётган ёш оилаларга давлат томонидан кўчмас мулкнинг 17 ярим фоизи миқдорида давлат субсидияси ажратилади. Бироқ оғир аҳволда яшаётган фуқаро бозор нархида қиммат турадиган уйни сотиб олишга қурби етмайди. 

Азимжон Пўлатов